Konferensiya materiallari

Rubrika tili:

ALL

Barchasi

RUS

Русский

ENG

English

TUR

Türkçe

UZB

O'zbekcha

AZE

Azərbaycan

TJK

Тоҷикӣ

GER

Deutsch

FRC

Français

ALL

Barchasi

Навоийшунослар: ЮСУФ ЧЕТИНДОҒ

13.01.2024

Нодирхон Ҳасанов

ЮСУФ ЧЕТИНДОҒ

(1969 йил туғилган)

Алишер Навоий ва усмонли шоирлари ўртасидаги адабий алоқа ҳамда издошлик мавзусини қунт билан ёритишга бел боғлаб, эътибор ва эътирофга лойиқ ишни амалга оширган навқирон олимлардан бири Юсуф Четиндоғдир. У 1969 йил Туркиянинг Килис шаҳрида таваллуд топган. Ўрта мактабни битиргач Бўғозичи университетининг Турк тили ва адабиёти бўлимида таҳсил олган. Олий ўқув юртини тугатиб Фотиҳ университетида иш бошлагач, Алишер Навоийнинг Онадўли адабиётига таъсирини махсус ўрганишга киришган ва “Алишер Навоийнинг ғарбий туркий тилли девон адабиётига таъсири” мавзусида докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. 2008 йилдан буён у мазкур университетда ҳозирги туркий тиллар ва адабиётлар бўлимини бошқариб келмоқда. Унинг бутун олимлик эътибори ва меҳри ҳазрат Навоий шахсияти, ижодиёти, XV‑XVI аср усмонли шоирларига ўтказган таъсири ва самараларини тарихий, илмий, адабий манбалар асосида ёритишга қаратилган. Шу маънода олимнинг “Алишер Навоийнинг усмонли шеъриятига таъсири” (Анқара 2006) номли китоби алоҳида аҳамиятга моликдир. Бундан ташқари унинг “Алишер Навоий ҳаёти ва асарлари” (Истанбул 2004), “Алишер Навоий” (Истанбул 2011) каби йирик асарлари, Навоий ва Ҳирот адабий мактаби мавзусида ўнлаб мақолалари ҳам бор.

Ю.Четиндоғнинг ташаббуси ва ғайрати билан 2012 йилнинг февралида Истанбулда халқаро Алишер Навоий симпозиуми ташкил этилди. Бу йиғинга кўп сонли туркиялик олимлар билан бирга Озарбайжон, Эрон, Покистон, Афғонистон, Хитой, Тожикистон, Қирғизистон, Германия, Россия каби давлатлардан келган адабиётшунослар, юртимиздан ташриф буюрган йигирмага яқин олим ва ижодкорлар, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва бош консулхонаси ходимлари қатнашишди.

М.Ф.Купрулизода, А.Н.Тарлан, О.С.Левенд, К.Эраслон кабилар ўтган асрда навоийшуносликка муносиб ҳисса қўшишган. Бу заҳматкаш олимларнинг тадқиқотларидан сўнг Туркияда навоийшунослик тўхтаб ёки узилиб қолмади. Ҳозирги пайтда Навоий ҳаёти, илмий‑адабий мероси, Онадўлидаги издошлари каби масалаларни меҳр ва ихлос билан ўрганиб, тарғибу ташвиқ этаётган тадқиқотчилардан бири филология фанлари доктори, профессор Юсуф Четиндоғдир. Навоийга юксак эҳтиромининг бир эътирофи сифатида унинг “Алишер Навоий ва усмонли шеърияти” китоби ва “Алишер Навоий” рисоласи ўзбек тилида нашр этилди.

ф.ф.д. Нодирхон Ҳасанов тайёрлаган