Konferensiya materiallari

Rubrika tili:

ALL

Barchasi

RUS

Русский

ENG

English

TUR

Türkçe

UZB

O'zbekcha

AZE

Azərbaycan

TJK

Тоҷикӣ

GER

Deutsch

FRC

Français

ALL

Barchasi

Навоийшунослар: ФУАД КЎПРУЛУ

13.01.2024

Нодирхон Ҳасанов

Ф У О Д К Ў П Р У Л И

(Муҳаммад Фуод Кўпрулизода, Туркия, 1890-1966)

Адабиётшунос, манбашунос, тарихчи, дин тарихчиси, мусиқашунос олим ва шоир

Туркий халқлар филологияси, тарихи, мусиқаси ва дин тарихининг зукко билимдони Муҳаммад Фуод Кўпрули ҳануз ўн саккиз ёшидаёқ «Шайх Ғолибга» (Истанбул, Маҳосин мажмуаси, 1908 йил) номли шеъри билан танилиб, адабиёт оламига кириб келган. Йигирма уч ёшидан бошлаб Истанбул дорилфунуни, адабиёт факультетида (1913-1943) ва Туркиянинг бошқа турли олий ўқув юртларида турк адабиёти тарихи, илоҳиёт тарихи, сиёсий тарих, ватан тарихи, маданият тарихи, ўрта аср турк тарихи каби фанлардан дарс берган. «Миллий татаббуълар» мажмуасига муҳаррирлик қилган (1915).

«Турк адабиётида илк мутасаввифлар» (Истанбул, 1919; Анқара, 1966 ва 1991), «Миллий тарих» (1921), «Адабиёт тадқиқотлари-I» (Анқара, 1966, 1986, 1999), «Миллий адабиёт жараёнининг илк мубашширлари ва Девони туркийи босит» (Истанбул, 1928), «Турк адабиёти тарихи» (Истанбул, 1928), «L’Influence du Chamanisme turco-mongole sur les ordres mystiques musulmans» (Истанбул, 1929), «XVI аср охиригача турк соз шоирлари: турк соз шоирларига оид матнлар ва тадқиқлар-IV» (Истанбул, 1930), «Бахши, турк тили ва адабиёти ҳақида тадқиқотлар» (Истанбул, 1934), «Les Origines de l’empire ottoman» (Paris, 1935), «Алишер Навоий» (1941), «Турк соз шоирлари» (Анқара, 1962) каби асарлар, Яссавий, Боқирғоний, Навоий, Бобур ва умуман Ўрта Осиё маънавияти, маданияти, адабиёти, тили, халқ оғзаки ижоди ва тарихига бағишланган қатор тадқиқотлар муаллифидир. Шунингдек, олим В.Бартольднинг «Ислом маданияти тарихи» (Анқара, 1984) китобини нашрга тайёрлаган.

Фуод Кўпрули ғарб тадқиқотчилик мактаби тажрибаларидан унумли фойдаланибгина қолмай, миллий илмий-тадқиқот услубини ҳам чуқур ўзлаштирган ва ўз илмий услубини тадқиқотларида татбиқ этган теран олимдир.

Фуод Кўпрули франса тилидан йигирмага яқин асар таржима қилган. Туркияда Фуод Кўпрулининг китоб, тадқиқот ва мақолалари библиографиялари жуда кўплаб нашр этилган.

Фуод Кўпрули биринчи бўлиб Аҳмад Яссавийнинг йирик издошларидан Султон Аҳмад Ҳазиний (XVI аср) ҳақида маълумот берган ва унинг Яссавий ҳаёти, ижоди, тариқати ва издошларига бағишланган «Жавоҳир ул-аброр мин амвож ил-биҳор» асарини илмий жамоатчиликка танитган. Олимнинг тасаввуф адабиёти мавзусидаги, айниқса Аҳмад Яссавий ҳаёти, фаолияти, ҳикматлари ва давомчилари хусусидаги текширишлари эътиборга лойиқдир.

Фуод Кўпрули ўз ватанида ва Оврупода туркология фанининг асосчиси сифатида ҳам машҳурдир. Унинг «Турк адабиётида илк мутасаввифлар» номли машҳур монографияси нафақат туркий халқлар олимларини, балки Оврупо илмий жамоатчилигининг ҳам диққат-эътиборини ўзига қаратган. Бу китоб ҳақида биринчи бўлиб франсалик олим Cl. Huart ўз фикрларини билдирган. У жумладан: «...Асар усмонли турк тилида ёзилган, лекин франсача фикрланган» дейди ва Кўпрулининг ижодкорлигини «ватанпарварона ҳиссиёти билан маъруф бўлган бир муҳаррир» дея баҳолайди (Revue du Monde Musulman. Journal des Savants, 38-жилд, март, 1920 242-б; янги серияси: № 1-2, январ-феврал, 1922, 5-18-б­­).

Ф.Кўпрулининг Алишер Навоий ҳаёти ва ижодиётига бағишланган асарлари қуйидагилардир:

  • F.Köprülü, Ali Şir Nevai, Türk Tarih Kurumu, İstanbul 1941.
  • F.Köprülü, Ali ŞirNevâî / Edebiyat Araştırmaları II, İstanbul, 1989, s.429-438;
  • F.Köprülü, Çağatay Edebiyatı / İslam Ansiklopedisi, 3.cilt. s.297-306, Eskişehir
  • 1997;

ФОЙДАЛАНИЛГАН АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ

Ömer Faruk Akün, Köprülüzâde Mehmed Fuad, cilt: 28, DİA, s.471-486.

Fuad Köprülü, Ali Şir Nevai, TTK, İstanbul 1941.

Fuad Köprülü, Ali ŞirNevâî / Edebiyat Araştırmaları II, İstanbul, 1989, s.429-438;

Fuad Köprülü, Çağatay Edebiyatı / İslam Ansiklopedisi, 3.cilt. s.297-306, Eskişehir

1997;

Fuad Köprülü, Ali Şir Nevai, Türk Tarih Kurumu, İstanbul 1941