Konferensiya materiallari

Rubrika tili:

ALL

Barchasi

RUS

Русский

ENG

English

TUR

Türkçe

UZB

O'zbekcha

AZE

Azərbaycan

TJK

Тоҷикӣ

GER

Deutsch

FRC

Français

ALL

Barchasi

Воҳид Турк. ТУРКИЯДА АЛИШЕР НАВОИЙ ИЖОДИЁТИ БЎЙИЧА ҚИЛИНГАН ТАДҚИҚОТЛАР (мақола).

14.01.2024

Н.Ҳасанов

МУХТАСАР ИЗОҲЛАР

проф. д-р Воҳид Турк.

“Туркияда Алишер Навоий ижодиётига бағишланган илмий ишлар”

Türk Dünyası Dil ve Edebiyat Dergisi / Turkish World Journal of Language and Literature

Sayı/Issue: 52 (Güz-Spring 2021) - Ankara, TÜRKİYE. 403-441 бет.

Резюме

Ҳануз ҳаётлиги чоғидаёқ асарлари туркий ўлкаларга тарқалиб катта қизиқиш билан мутолаа этилган, шеърларига назиралар ёзилган, асарлари тушунилиши учун луғатлар ёзилган Алишер Навоий 16 асрдан бугунгача ўз қадрини йўқотмай келаётган сиймодир. Унинг бунча эътиборга сазовор бўлишининг сабаби турли мавзуларда ёзиб қолдирган асарлари, амалий фаолиятлари, ижоднинг турли соҳаларда етиштирган кишилар ва уларнинг ёзган асарлари эди.

Алишер Навоийнинг усмонли шоирларига кўрсатган таъсири мавзусида турли тадқиқотлар олиб борилди. Олимлар мавзунинг турли қирраларини текширдилар. Мазкур ишимизда Туркияда Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодиёти хусусида амалга оширилган ишлар мавзуларга бўлинган ҳолда рўйхат шаклида тақдим этилди. Бу ишлар магистр ва докторлик диссертациялари, мақолалар, туркий лаҳжалардан ўгирилган мақолалар, хорижий тиллардан ўгирилган мақолалар, маърузалар, китоблар ва таржима асарлар каби сарлавҳалар остида тасниф этилиб алифбо тартибида берилди. Мазкур ишларга назар солинганда диссертациялар бир қанчасини истисно қилганда асосан тил ва адабиётга доир экани, буларнинг аксари матнга асосланиб тил тадқиқи экани кўринади. Мақолалар ва маърузаларда Алишер Навоий асарлари турли жиҳатлардан текширилган, шахсияти ва яшаган даврига тегишли фикр-мулоҳазалар ўрин олган. Матн нашрлари асосан магистрлик ва докторлик ишларининг китобий шакли бўлиб, уларда Алишер Навоий ҳақида мухтасар маълумотдан иборат умумий кириш қисми берилган бўлиб, матннинг туркчага таржимаси, луғати ва индекси берилмаган. Девонлар ва достонларга доир нашрларнинг аксари матннинг транскрипциясидир. Баъзи нашрларда транскрипцияли матн, матннинг туркча таржимаси, индекс, луғат ва факсимиле берилган. Кенг китобхон оммасига мўлжалланган айрим таржима нашрларга ҳам дуч келиш мумкин.

  • Изоҳ:
  • Воҳид Туркнинг мақоласида мазкур ишларга қисқача аннотациялар берилган. Бу ишларнинг илмий, амалий аҳамиятига тўхталади. Олимнинг фикрича, адабиёт муҳитида Навоий асарларига қизиқиш шу қадар кучли бўлган эканки, улуғ шоир асарларининг қўлёзмалари Мовароуннаҳр ва Хуросондан келтирилиши баробарида Анатолия юртида ҳам қўлёзма шаклида кўплаб нусхаларда кўчирилган экан. Навоий шеърларига назиралар ёзилиши баробарида унинг адабий меросига бўлган рағбатдан келиб чиқиб Навоий асарларига луғатлар тузилганлиги, айрим асарлари (“Мажолисун-нафоис”) усмонличага ўгирилганлигини қайд этади. Яна бир муҳим хусус шуки, 19 асрда усмонли мулкида давлатнинг ва тилнинг ажнабийлашувдан қутқариш учун турли чоралар изланади. Миллий тил сифатида айниқса шарқий туркча дейилган Ўрта Осиё туркий тилига қайтиш ҳаракатлари бошланади. Шунда беихтиёр Алишер Навоий ва асарлари яна долзарблик касб этади. Чунончи, 1872 йил Истанбулда Аҳмад Вафиқ Пошо “Маҳбубул қулуб”ни чоп эттиради. Мақолада илмий ишлар тил, адабиёт, фольклор, илоҳиёт каби йўналишларга бўлиб тасниф қилинади.